Добавил:
Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:
05_07_2018_ЎУҚ_Психологик_хизмат_назарияси_Қодирака.doc
Скачиваний:
343
Добавлен:
07.01.2021
Размер:
1.06 Mб
Скачать

Соғлиқни сақлаш тизимига психологик хизматни ташкил этишнинг ўзига хослиги

Маълумки, оиланинг мустаҳкамлиги унда дунёга келган фарзандларнинг саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Мамлакатимизда айнан мустақиллик йилларида бу борада талай ижобий ишлар амалга оширилди, давлат дастурлари, ҳукуматнинг махсус қарорлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқар Конвенцияни ратификация қилган ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларининг бажарилиши юзасидан Миллий ҳаракат дастурини қабул қилган давлат сифатида ҳар бир боланинг туғилган онидан бошлаб унинг саломатлиги, ақлий ва жисмоний камолоти учун барча шарт-шароитларнинг яратилиши фикримизнинг далилидир.

Кейинги вақтларда мактабгача тарбия ва умумий ўрта таълим масканларида айрим муаммоларнинг ортаётгани кўзга ташланмоқда. Булардан бири “тўрт мучаси” соғ бўла туриб, ўз тенгқурларидан психик саломатлик кўрсаткичларига кўра, орқада қолаётган болалар ва ўқувчилардир. Педагог, психолог ва психиатрларнинг фикрича, бундай болаларнинг ҳар томонлама ривожланишлари учун мавжуд потенциал қобилиятлар тўлиқ амалга ошмай қолиши сабабдир. Янада муҳими, таълим ва тарбия жараёнидаги муаммолар қаторига уларнинг асаб-психик тизимида муқим ўзгаришларнинг ортиши билан кечишидир. Натижада ўзлаштира олмаслик нафақат ўқишга, балки ҳар қандай фаолият турига нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлади. Ўқувчилар, ота-оналар, фан ўқитувчилари триадасида ўзига хос низоли вазиятлар пайдо бўлади ва оқибатда уларда мактабдан безиш ҳолати юз бериб, улар мактабга бормай қўядилар, ҳар хил ассоциал гуруҳ аъзоларига қўшилиб, ҳуқуқбузарлик йўлига ўтиб қоладилар. Мазкур муаммо нафақат таълим-тарбия тизими муаммоси, балки ўта долзарб ижтимоий муаммо бўлиб, уни мактаб, тиббиёт ходимлари ва психологларнинг ҳамкорликдаги ўзаро ҳаракатлари билангина ҳал қилиш мумкин.

Зеро, бундай болаларга нутқ, диққат, идрок ва ҳоказо каби жараёнлар, яъни интеллект ривожланишидаги мавжуд дастлабки (илк) шарт-шароитларнинг “нуқсонлари” сифатида қараш керак.

Фикримизча, мазкур муаммони ҳал қилиш учун тиббиёт психологи тажрибаларини ўрганган ҳолда оилавий поликлиникалар қошида тиббий-психологик ёрдам бўлим(хонаси)ини очиш керак. Унда фаолият кўрсатувчи мутахассисга қўйиладиган талаб: олий психологик таълим ҳамда болалар ва ўсмирлар психологияси бўйича махсус (тайёргарлик кўрган) малакага эга бўлиши шарт.

Оилавий поликлиника психологининг функцияси:

  1. Индивидуал тарзда ёки бевосита бириктирилган контингентга қуйидаги йўналишлар:

  • болалар ва ўсмирларнинг тарбиявий яшаш шароитларини яхшилаш;

  • ижтимоий ва психик ривожланишида “оғишлари” мавжуд болалар ва ўсмирларга педагогик-психологик коррекцияни жорий этиш;

  • норасмий гуруҳларга тушиб қолган ўсмирларга шахслараро муносабатларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан англаш имкониятларини яратиш;

  • вояга етмаганларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

  • ўсмирларни касбга йўналтириш;

  • ёшларнинг ҳаётий турмуш ва болалар тарбиясига тайёргарлик кўникмаларини ривожлантириш.

  1. Кузатилаётган болалар ва ўсмирларнинг психологик ҳолатини динамик назорат қилиш;

  2. Аниқ психологик ёрдам турларига эҳтиёжни таҳлил қилиш;

  3. Психологик диагностика ва коррекциянинг оптимал усулларини танлаш;

  4. Психиатр ёки психотерапевт даволаши ва диспансер кузатиши керак бўлган психик бузилиш кузатилган беморларга йўлланмалар бериш;

  5. Ташкил этилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

  6. Фаолияти давомида даволаш-профилактик муасссасалари ходимлари билан ворислик ва ўзаро алоқадорлик узлуксизлигини таъминлаш;

  7. Замонавий профилактик, коррекцион, диагностик усулларни ўзлаштириш учун малакасини ошириш;

  8. Зарурий ҳисоб-китоб ҳужжатларини юритиш кабиларни ўз ичига олади.

Психолог мавжуд меъёрий қонунлар, мамлакатда тан олинган тиббий ахлоқ кодексларига риоя қилган ҳолда пациент ва унинг ота-оналари олдида ўз хулосалари, фикр-мулоҳазалари, хатти-ҳаракатларининг салбий оқибатлари учун жавобгардир.

Мазкур йўналиш бўйича фаолият кўрсатувчи психологлар дастлабки фаолияти таҳлилининг кўрсатишича1, пациентларга психологик хизматни ташкил этиш учун логопед ва невропотолог консультациясига юборилган йўлланма асос қилиб олинган.

Соғлиқни сақлаш тизимида психологга мурожаат қилиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади (1-расм).

Айтиш жоизки, ота-оналарнинг илк бор психологга мурожаат қилишларининг саабаблари оддий қизиқиш тарзида бўлиб, юзаки характер касб этиши мумкин. Жаҳон тажрибаларининг кўрсатишича, агар психолог бола/ўсмирдаги дезадаптациянинг ҳақиқий сабабини аниқлаб унга ёрдам берса, бола/ўсмир билан “тил” топа билса, ота-оналар психологга ўзлари интилиб келадилар. Бунинг асосий шарти пациент билан ўзаро ишончли алоқаларни ўрнатиш, ундаги психологик ҳимоя механизми билан боғлиқ “тўсиқни” олиб ташлаш орқали унинг ҳис-туйғуларига чуқурроқ кириб бориш имкониятини яратишдир.

Оилавий поликлиникаларда тиббий психолог фаолият юритиши учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак:

  • Муассаса бошлиғи (бош врач) поликлиника ходимларини ва иложи борича аҳолининг етакчи вакилларини махсус йиғиб, аҳолига янги хизмат тури жорий этилаётганлиги, унинг функцияси, вазифалари, аҳамияти, ворислик алоқалари, тиббий-психологик хизматнинг кенг имкониятлари хусусида чуқурроқ маълумот бериши керак бўлади.

  • Мазкур хизмат тури ҳақида стенд, психолог кабинети эшигига тиббий психолог, унинг фамилияси, исми, қабул соатлари ҳақидаги маълумотни осиб қўйиш лозим.

  • Поликлиниканинг кўзга ташланадиган жойига қуйидаги матндан иборат эълонни осиб қўйиш даркор.

Шак-шубҳасиз, тиббий психологик фаолиятни ташкил қилиш тамойиллари психологик хизмат шакллари билан белгиланади (1-расм).

1- расм. Оилавий поликлиникалардага психологик хизмат шакллари

Албатта, психолог ўзининг кундалик фаолиятида поликлиникада фаолият кўрсатувчи невропатолог, окулист, логопед, педиатрлар, патронаж ходимлари ва бошқа мутахассислар билан мустаҳкам алоқада бўлиши шарт. Бундай ўзаро ҳаракат психологга:

  • пациент ҳақида тўлиқ анамнез йиғиш;

  • псходиагностикани ўтказиш;

  • конкрет вазиятни чуқурроқ таҳлил қилиш;

  • ўзгаришларни коррекция қилиш учун шароит яратиш;

  • комплекс психотерапияни ташкил этиш;

  • бола/ўсмир билан ва бевосита оила билан профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятларини орттириб, унинг самарадорлигини таъминлайди.

Поликлиника ходимларининг бола/ўсмирни психологга йўлланма беришларининг асосий кўрсаткичлари қуйидагилар:

  • болада психомотор ёки интеллектуал ривожланишдан орқада қолиш гумон қилинганда;

  • ота-оналар шикоятлари асосида мутахассис томонидан аниқлан-ган: а) юқори қўзғалувчанлик; б) тажовузкорлик; в) бошқара билмаслик; г) фобия; д) болалар муассасаларига мослаша олмаслик; е) мактабда ўзлаштиришнинг ёмонлашуви; ж) ўта чарчоқликнинг ортиши; з) уришқоқлик ва ҳоказолар;

  • оилада номақбул ахлоқий-психологик муҳит мавжудлиги гумон қилинганда;

  • бола/ўсмир оила аъзоларининг бирида сурункали психосоматик бузилишлар мавжуд бўлган ҳолларда;

  • ота-оналарнинг ўз тарбиявий усулларидан қониқмаган ҳолатларида;

  • оила аъзоларидан бирида невротик ҳолат (уйқусизлик, сурункали чарчоқни ҳис қилиш, ғазабноклик, депрессия ва бошқалар) кузатилганда;

  • оила аъзоларининг бирида психик касаллик аниқланганда ва ҳоказолар.

Психологнинг пациентларни қабул қилиши бир неча босқичлардан иборат бўлади (3-расм).

Биринчи босқичда ота-оналар поликлиникага келиб рўйхатдан ўтиб, психолог қабулига кириши лозим бўлган шахснинг барча маълумотларини қайд қилади. Пациентларни қабул қилишнинг иккинчи ва учинчи босқичлари одатда икки маротаба учрашувлардан иборат, тўртинчи босқич эса давомийлиги ва учрашув интервалларининг турлича бўлиши билан кечади. Бу ота-оналарнинг бола/ўсмир ҳақидаги фаол қизиқишлари ва хоҳиш-истаклари шунингдек, бола/ўсмирлардаги ижобий ўзгаришлар темпига боғлиқ тарзда амалга оширилади. Бешинчи босқичда психологик коррекцион тадбирларнинг натижалари таҳлил қилинади. Барча ўтказилган консультатив сеанслар, машғулотлар ва уларнинг натижалари махсус журналга қайд қилиниб, ота-оналарга, педагогларга, тиббиёт ходимларига берилган тавсиялар тўлиқ ёзилиб борилади.

3-расм. Психологнинг пациентларни қабул қилиш босқичлари

Баъзан консультациялар оралиғи бирмунча чўзилсада, бундай пунктуал характердаги қайдномалар психокоррекцион жараён кечишининг самарадорлигини таъминлайди. Журнал психолог кабинетида сақланади.

Умуман олганда, соғлиқни сақлаш тизимидаги психологик хизмат ўзининг қуйидаги йўналишларига эга:

а) руҳий касалликлар шифохоналарида;

б) психоневрологик диспансерларда;

в) алкоголизм, наркомания, токсикоманияни даволаш марказларида;

г) клиникаларда;

д) туғруқхоналарда;

е) оилавий поликлиникалардаги психологик хизматлар.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги психологик хизматнинг барча турлари ҳамкорликдаги ўзаро мақбул фаолиятга асосланади.

Соғлиқни сақлаш тизимига психологик хизматни ташкил этиш билан боғлиқ муаммонинг ечимига мутасадди ташкилотлар хайрихоҳлик билдирадилар. Зеро, бу фақат инсон муаммосига замонавий ёндошувнинг ўта муҳим йўналиши сифатида инсон саломатлиги, уни сақлаш, тиклаш муаммолари билан боғлиқ масалаларнинг ижобий ечимига ўзининг катта ҳиссасини қўшади.

Таянч тушунчалар: психологик тамойиллар, когнитив, комиллик иерархияси, ижтимоий установка.